Нурсултон Назарбоев Бош вазирни қабул қилди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Елбасы Нурсултон Назарбоев Бош вазир Асқар Мамин билан учрашди, дея хабар беради Kazinform elbasy.kzга таяниб.

Учрашув давомида Қозоғистон Биринчи Президенти кўрилаётган чоралар туфайли коронавирус инфекциясининг тарқалиши камайганини таъкидлади.

«Тиббиёт ходимларининг уйғунликда ишлаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Қийин вазиятларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳам ўзларининг самарадорлигини намойиш этадилар. Ҳукумат ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ҳам фаол ишламоқда», - деди Нурсултон Назарбоев.

Давлат раҳбарининг топшириқларини сифатли бажариш муҳимлигини таъкидлади.

«Президентнинг барча ташаббусларини кенг оммага етказиш муҳимдир. Мен ҳокимлар билан телефон орқали суҳбат чоғида бу масалага ҳам тўхталдим», - деди Қозоғистон Биринчи Президенти.

Нурсултон Назарбоев ҳозирги вазиятда иқтисодий хавфсизликни таъминлаш зарурлигига ҳам эътибор қаратди.

«Дунёда иқтисодий аҳвол мураккаб. Бироқ, биринчи чорак якунларига кўра, мамлакатнинг кўрсаткичлари ёмон эмас. Аммо шуни таъкидлаш керакки, карантин оқибатлари иқтисодий кўрсаткичларга ҳали тўлиқ таъсир кўрсатмади. Шу муносабат билан кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ва аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш муҳимдир. Энди инқироздан кейинги даврда нима қилиш кераклиги ҳақида ўйлашимиз керак. Иқтисодиёт таназзулга юз тутиши ва аҳвол 2008 йилдаги инқироздан ҳам оғир кечиши мумкин», - деди Елбасы.



Нурсултон Назарбоев Миллий жамғарма ва Ҳукумат жамғармасидан ички иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун 10 миллиард доллар ажратилаётганини таъкидлади.

Ўз навбатида, Бош вазир Қозоғистон Биринчи Президентига мамлакатда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берди.

Учрашув якунида Нурсултон Назарбоев иқтисодиётнинг нохомашё тармоқларини ривожлантиришга қаратилган дастурларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.

«Бундан ҳам катта синовлардан ўтганмиз. Биз бунисини ҳам енгиб ўтамиз. Асосийси, бу мамлакатнинг бирлиги ва осойишталиги. Менимча, Ҳукумат самарали ишламоқда. Эртага менинг Қозоғистон халқига мурожаат қилган мақолам нашр этилади. Ҳозирда бутун дунё қийин аҳволда. Касаллик хавфи ҳали ҳам ўсиб бормоқда. Шунинг учун барчамиз бир-биримизни ҳурмат қилган ҳолда, қатъият ва сабр-тоқат намоён этишимиз керак», - деди Елбасы.

Сўнгги хабарлар