Марказий Осиё давлатлари ва Россия ташқи ишлар вазирлари Қўшма баёнот қабул қилдилар

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди «Марказий Осиё + Россия» форматидаги ташқи ишлар вазирларининг учинчи йиғилишида иштирок этди, деб хабар қилди Kazinform Қозоғистон ТИВ матбуот хизматига таяниб.

«Платформа томонларнинг COVID-19 пандемиясининг салбий оқибатларини бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, шунингдек дунёдаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммоларни долзарблаштириш учун алоҳида аҳамиятга эга», - дейилади Қозоғистон ТИВ хабарида.

Онлайн учрашув иштирокчилари Марказий Осиё давлатлари ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик асрлар оша дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч анъаналарига мувофиқ равишда ҳамда Евроосиё минтақасидаги бунёдкорлик жараёнларини ҳисобга олган ҳолда ривожланиб келаётганини таъкидладилар. Мулоқот умумий манфаатларга жавоб беради ва минтақадаги иқтисодий ўсиш ва хавфсизликнинг муҳим омили ҳисобланади.



Томонлар Марказий Осиёда хавфсизликни мустаҳкамлаш ва барқарор ўсишни таъминлаш мақсадида узоқ муддатли кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш ва давлатлараро алоқаларни чуқурлаштириш бўйича фикр алмашдилар. Савдо-иқтисодий ва энергетик ҳамкорлик истиқболлари, «Марказий Осиё + Россия» форматидаги мамлакатларнинг транспорт ва транзит соҳасидаги муҳим ташаббусларини амалга ошириш, шунингдек, фуқароларнинг ҳаракатчанлиги ва Евроосиёдаги эпидемиологик вазият масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Марказий Осиёда соғлиқни сақлаш ва атроф-муҳит тизимлари олдида турган долзарб муаммолар муҳокама қилинди. Маданий-гуманитар ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Вазирлар ташқи ишлар вазирликларининг саъй-ҳаракатларини ҳамкорликнинг стратегик муҳим йўналишларига йўналтиришга, иқтисодий ва минтақалараро ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Учрашув якунлари бўйича Марказий Осиё ва Россия ташқи ишлар вазирларининг Қўшма баёноти қабул қилинди.


Сўнгги хабарлар